Марказий Осиё ва фойдали қазилмалар. 1991-2021.
ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МИНТАҚА РEСУРСЛАР УЧУН КУРАШ МАЙДОНИГА АЙЛАНДИ?

Марказий Осиё минтақаси минерал ресурслар савдосининг жаҳон тизимида, шунингдек, ривожланган мамлакатлар саноатини энергия билан таъминлаш тизимида муҳим ўрин тутади. Бунинг сабабларини қуйидагилар деб ҳисоблаймиз:

– Минтақа фойдали қазилмалар, хусусан, нефть ва газнинг катта захираларига эгалик қилади.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА
1991 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда Марказий Осиё минтақасига жаҳон иқтисодиётининг жуда кам улуши (0,3 фоиздан кўп бўлмаган) тўғри келган. Бундан ташқари, ушбу 30 йил давомида минтақа жаҳон иқтисодиётида учун муҳим хом ашё манбаи сифатида қаралди.

Консерватив ҳисоб-китобларга кўра, XXI аср дастлабки ўн йиллигининг ўрталарида Марказий Осиё мамлакатларида нефть захираларининг умумий ҳажми 15-31 миллиард баррелга (жаҳон ресурсларининг қарийб 7 фоиз), табиий газ захираларининг умумий ҳажми 230-360 триллион куб метрга етди (жаҳон заҳираларининг 7 фоизи*). Минтақани дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилар ўнлигига киритиш мумкин (агар биз уни умумий савдо қоидаларига эга бўлган ажралмас объект деб ҳисобласак).

Марказий Осиё минтақаси давлатлари ривожланган тоғ-кон, металлургия ва кимё саноати, ёқилғи-энергетика комплексига эга бўлиб, улар асосан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга тўғри келади.

Фойдали қазилмаларни қазиб олишга ёндашув турлича. Туркманистон иқтисодиёти деярли бутунлай газ сотишга боғлиқ, Ўзбекистон ёқилғига бўлган эҳтиёжини маҳаллий қазиб олиш ҳисобига қоплайди, лекин одатий “Голланд касаллиги” қурбони эмас, яъни ўз иқтисодиётини фақат фойдали қазилмалар сотишга асосига қурмаган, Қозоғистон гибрид иқтисодий моделни шакллантирган дейиш мумкин, бу соҳа тўлиқ давлат секторига боғланмаган, лекин ички ўзига хосликлари туфайли барибир нефть ва газ савдосига жуда боғлиқ.

Минтақанинг ресурслар билан таъминлашдаги аҳамияти унинг жаҳон иқтисодиётида ўйнайдиган камтарона ролини етарлича оширади.

*Таъкидлаш жоизки, жаҳон фойдали қазилма заҳираларининг қиймати ҳам қатъий ўзгармас миқдор эмас.

– Минтақанинг ресурсларининг асосий қисми хорижий компаниялар ўзлаштирилиши учун очиқ. /Вазият контекстини тушуниш учун, Африка минтақаси ўзининг катталиги туфайли Марказий Осиёга қараганда фойдали қазилмаларга анча бой, аммо Африка фойдали қазилмаларини қазиб олиш ва уларни ташиш анча қиммат ва мураккаб жараён ҳисобланади./

– Марказий Осиё минтақасида фойдали қазилмаларни хавфсиз ташиш йўллари аллақачон яратилган (бир қисми Совет даврида). Минтақанинг ҳар қандай товарлар учун транзит зонаси сифатидаги потенциали уникал ва уни фақат ривожланган минтақалар, масалан, Европа Иттифоқи кабилар потенциали билан солиштириш мумкин.

– Фойдали қазилмаларни эркин экспорт қилиш учун чегаралар очилган даврда (1990 йилларнинг ўрталарида) минтақанинг постсовет мамлакатлари фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ташиш бўйича етарлича кучли мутахассислар базасига эга эди. Ҳар қандай хорижий компания кам маош олувчи, аммо малакали маҳаллий ишчиларга таяниб, маҳаллий конларни ўзлаштиришни бошлаши мумкин эди.

– Маълум бир нуқтагача минтақадаги фойдали қазилмалари кўпроқ давлатлар сиёсий маънода анча барқарор бўлиб, ҳаракатини прогноз қилса бўладиган ва ишончли шериклар эди.

Дастлабки ижобий картинани мураккаблаштирадиган омилларга қуйидагилар киради:

– Марказий Осиё уч томондан уч йирик давлат (Хитой, Россия ва Эрон) билан ўралган бўлиб, улар ўзларини Европа Иттифоқининг ривожланган давлатлари ва АҚШнинг рақобатчиси сифатида кўрсатади.

– Фойдали қазилмаларни ташиш йўллари юқорида қайд этилган давлатларнинг таъсир (ёки бевосита назорати) зоналарида жойлашган.
– Россия ва Хитойнинг ўзи (турли сабабларга кўра) фойдали қазилмаларнинг йирик харидорлари ҳисобланади ва минтақа бозорларида ўзларининг ўйин қоидаларини ўрнатишга интилади.

Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақаси 30 йилдан ортиқ вақт давомида мутлақо ўзига хос вазиятда бўлиб келди.

Мустамлакачиликдан кейинги мақоми туфайли у фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ташиш учун номутаносиб даражада катта (янги тузилган давлатлар учун) техник салоҳиятга эга бўлди.

Бошқа томондан, янги туғилган сиёсий тизимларнинг заифлиги, ўзларининг ривожланган молиявий элитаси йўқлиги (мустақиллик даврида), авторитар қўшниларнинг кучли таъсири, ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш қизиқ бўлмаган коррупциялашган ҳукуматлар кўплаб коррупция ва қонунбузарликлар содир этилиши учун шароит яратди.

«НИТИ» ЛОЙИҲАСИ – Марказий Осиё давлатларидан биридаги жараёнлар минтақадаги қолган мамлакатларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот берувчи таҳлилий лойиҳа.

СОН МАВЗУСИ

ЎРТА ОСИЁ ВА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАР. РEСУРСЛАР УЧУН КУРАШ ТАРИХИ.

РEСУРСЛАР УЧУН КУРАШ
МУХТАР ЖАКИШEВ. ҚОЗОҚИСТОН УРАН КОНЛАРИНИ РОССИЯГА БEРМАГАН ОДАМ.

2020 йил. Семейдаги колония дарвозаси олдида камида эллик киши тўпланган – ҳамма шовқин-сурон қилмоқда, гаплашмоқда, ниманидир, тўғрироғи, кимнидир кутмоқда.

Шу куни – 2020 йил 19 мартда – 10 йилдан ортиқ қамоқда ўтирган «Казатомпром» миллий компаниясининг собиқ раҳбари, ёши сезиларли даражада катталашиб қолган Мухтор Жакишев шартли равишда озодликка чиқди.

Мен уни “Жакишевга озодлик” ёзуви туширилган плакатлар ва футболка билан қаршилайман. Ниҳоят дарвоза очилганда иккита қора жип чиқиб келади. Уларнинг бирида Мухтор Жакишев борлигини кўрган одамлар югуради.

total.kz

  • Мухтор Жакишев
    «Казатомпром» собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    “Мен ташқарига чиқиб, лагерь дарвозаси олдида мени кутиб олишганида, тўхтамасдан ўтиб кетишинг керак, деб шарт қўйишди. Кейин мен: “Йўқ, унақада мен ташқарига чиқмайман ёки пиёда кетаман”, дедим. Булар менинг эмас, Миллий хавфсизлик қўмитасининг жиплари эди”.

Айрим қозоғистонликлар назарида Мухтор Жакишев миллий қаҳрамон. Нима учун?

Ёшлигида Мухтор Жакишев отасининг изидан кетди – отаси Қозоғистон давлат университетининг криминология кафедрасини бошқарган. Жакишев ўша университетда уч йил ўқиди ва кейин Москва муҳандислик-физика институтига (МИФИ) ўтди – ўша пайтда бу рус тилли талабаларнинг орзусидаги олийгоҳлардан бири эди. Москвада Қозоғистон бўлажак элитаси ўртасидаги муносабатлар шаклланди. У ерда бир вақтлар Мухтор Жакишев, Мухтор Аблязов [Қозоғистондаги йирик сиёсий арбоб, мухолифатчи, кейинчалик сиёсий таъқибга учраган], Рахат Алиев [Қозоғистондаги собиқ 2-рақамли одам, бир вақтлар мамлакатдаги энг қудратли раҳбар бўлган Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви. 2015 йилда Венадаги қамоқхона камерасида осилган ҳолда топилган] ва Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева бир даврда ўқиган. Ҳикояларга қараганда, уларнинг барчаси бир-бири билан алоқада бўлиб турган.

Кейин эса – аспирантурада таҳсил олган.

Мухтар Джакишев ва Мухтар Аблязов*. kz.expert сайти сурати

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    “90 йилларда мен Москвада эдим, Петровка 38 да (Москва шаҳар ижроия қўмитаси бош ички ишлар бошқармасининг машҳур биноси) ишлаганман, у ерда лабораториям бор эди, Москва муҳандислик институтида аспирант эдим. Мен лазер дактилоскопияси билан шуғулланардим. Бизнинг СССР Ички ишлар вазирлиги билан бизнес келишувимиз бор эди, у ички ишлар органларига илмий ёрдам кўрсатишни назарда тутарди, – дея айтиб беради Мухтор Жакишев дўсти Арманжан Байтасовга.

1993 йилда Мухтор Жакишев Қозоғистонга қайтиб, Булат Абилов (кейинчалик у Назарбоевнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, сўнг эса мухолифатга ўтиб кетган) ва Рахат Алиев билан ҳамкорликда бизнес юрита бошлади.

Умуман олганда, ҳамма нарса Мухтор Жакишевнинг ҳукуматда қандайдир юқори лавозимни эгаллаши томон кетаётганди: бунга тажриба ва ўша пайтда жуда яхши мавқега эга бўлган одамлар билан алоқалар ёрдам берди.

Аммо у «Казатомпром» атом компаниясига борди – бу ўша пайтдаги ривожланиш учун катта салоҳиятга эга бўлган, лекин унчалик “ёғли” жой эмасди.

Мухтор Жакишевнинг сўзларига кўра, ўша пайтда Қозоғистонда уран саноатида катта силжиш кузатилмаган: нарх жуда паст эди – бир фунт [0,45 килограмм] учун 11 доллар.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари
    “Ўша пайтда Уран аутсайдер эди. Мен «Казатомпром»га келдим – ураннинг нархи паст, бир фунт учун 11 доллар эди ва у яна пасайишда давом этарди. Ва бу пасайишнинг охири йўқ эди, чунки бозорнинг 60 фоизи маҳсулот билан омборлардан таъминланади. Бу бозорда канадаликлар ва французлар “ўтирарди”. Совет Иттифоқи парчаланаётган, биз уранимиз билан чиққан, бозор касал, АҚШ эса антидемпинг жорий қилаётганди – 112 фоизлик. Европаликлар ҳам ўз бозорларини ҳимоя қилардилар. Уран ортиқча, босим кучайётганди, ракеталардан қуролсизланиш давом этарди, бутун дунёда уран конлари ёпилаётганди. Бу кичик нархга бардош бера оладиганларгина қоларди. Омборлардаги захиралар 2014 йилгача етарди. 1998 йилда келганман – ўшанда нарх 11-12, 2001 йилда эса – 6,70 бўлган. Бу плинтусдан паст рақам, – деганди Жакишев Orda news нашрига берган интервьюсида.

Кейин Жакишевнинг ҳаётида муҳим воқеа бошланди, айнан шу сабаб у 11 йил қамоқда ўтирди ва миллий қаҳрамонга айланди.

Мухтор Жакишев устидан Семей шаҳрида бўлиб ўтган суд. Озодлик радиоси сурати

Кўп воқеалар бўлганди. Масалан, «Казатомпром» уран нархи спекуляцияси билан шуғулланган. 2000 йилларнинг бошида Жакишев Лондонда ҳисобот билан чиқиш қилиб, нарх тамойилларидаги камчиликлар ҳақида огоҳлантирганди – ҳатто кичик компаниялар ҳам бозорда спекуляция қилиш имкониятига эга эди. Уни эшитишмади. Шундан сўнг у бу авантюрага бошчилик қилишга қарор қилди.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари
    “Казатомпром барча мавжуд шартномаларни узоқ муддатли нархлардан spot нархларга, яъни харидорлар мамнуният билан рози бўлган дарҳол етказиб бериш нархига қайта расмийлаштирди: spot нархи одатда узоқ муддатли нархдан паст бўлади…// Биз бундан ўртача 600 миллион доллар даромад олдик. Улар буни кўр-кўрона ҳаракат дейишди, лекин бу беъманилик. Бу нархлар шаклланишининг номукаммал шароитидаги спекуляция эди, биз бу ҳақда 2004 йилда огоҳлантиргандик, лекин улар бизга қулоқ солмагани учун 2005 йилда пул ишладик”.

Жакишев «Казатомпром» иштирок этган схема меъмори деб Қозоғистондаги уран конларига сармоя киритган канадалик тадбиркор Френк Гиустрани қайд этган. Жакишевнинг сўзларига кўра, у Қозоғистон бозорига Карим Масимов таклифи билан келган.

Жамиятда ҳеч ким Жакишевни таъқиб қилмасди: у сиёсат билан шуғулланмади, можароларга аралашадиган одам эмасди – у, агар шундай дейиш мумкин бўлса, шунчаки бизнес билан шуғулланган. Ҳукуматда эса бу иш бермади – у энергетика вазирининг ўринбосари сифатида атиги уч ой ишлади, кейин эса ўзи айтганидек, “ҳамма унинг ўйин қоидаларини бузишидан чарчаган”.

“Чарчаган” ҳам дейлик. Аммо бунинг учун қамашмайдику?

… 2009 йилнинг май ойида уни МХҚ ходимлари ҳибсга олган. Сўроқ. Сабаби тушунтирилмаган, ёпиқ суд. 14 йил қамоқ. Жакишев устидан суд жараёни қатъий махфийлик шароитида ўтказилди ва ҳатто ҳукм матни ҳам ошкор этилмади.

… Барча интервьюларда ундан нега қамалгансиз деб сўрашади. Умуман олганда бу оддий савол. Аммо ҳозирча ҳеч кимда унга аниқ жавоб йўқ. /Жакишевнинг сўзларига кўра, буйруқ берган собиқ президент Нурсултон Назарбоевдан ташқари./ «Казатомпром» собиқ раҳбарининг ўзи ҳам тахмин қилади. Унинг фикрича, у русларнинг Қозоғистон уран конларини эгаллашига тўсқинлик қилган.

Ҳибсга олишдан олдинроқ Россия вакиллари «Казатомпром»га келиб, шартнома имзолашни таклиф қилган. Унга кўра, Қозоғистон Россияга бешта коннинг улушини бериши ва бунинг эвазига Россия бойитиш заводидан Қозоғистонга улуш бериш имкониятини кўриб чиқиши лозим бўлган (кўриб чиқишнигина!). Бу завод ёрдамида Қозоғистон уран таблеткаларини ишлаб чиқариши ва, айтайлик, Японияга сотиши мумкин эди.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром”, собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    «Мен айтдим: ё иккаламиз ҳам бериш имкониятини кўриб чиқамиз ёки иккаламиз ҳам берамиз. Натижада биз «Росатом» билан минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган 50/50 улушдаги бешта қўшма корхона ташкил этиш бўйича шартнома имзоладик ва улар бизга қуввати 5 миллион рр бўлган бойитиш заводида 50 фоиз улушни беради”.

Жакишевнинг сўзларига кўра, у ҳар икки томон учун фойдали бўлган келишувни талаб қилган – ҳар ким ўзига етишмаётган нарсани олади.

Лекин Мухтор Жакишев қамалди. Қозоғистон завод улушини олмади, Россия эса бешта конни текинга олди. Тўртта конни «Росатом» давлат корпорацияси, биттасини эса жисмоний шахс -россиялик Василий Анисимов олди.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    “Ўшанда мени Россия томони айтган гаплар ҳайрон қолдирганди: тўртта конни олиб, биттасини жисмоний шахсга берсак бўладими деб сўрашди улар. Мен эса бу сизнинг улушингиз, истаганингизни қилинг дедим. Ўзлари тўрттасини олиб, биттасини Анисимовга беришади. Кейин эса ундан яна ўзлари сотиб олишади. Мен айтдим: Менга фарқи йўқ, бу русларнинг иши, агар уларга бундай қилиш ёқаётган бўлса бемалол, қилаверишсин. Кейин Анисимов биринчи марта Қозоғистоннинг уран саноатида пайдо бўлди. Уларга бу ёққан кўринади: текинга олди, қайта сотди ва пулни қаергадир қўйди”.

Ҳозирги даврга келиб ҳам, 2022 йилда Қозоғистон учун фойдасиздек кўринадиган битим тузилди – Росатом баъзи «Буденовский” участкалари муассиси Степногорск тоғ-кимё комбинати (СГХК) акцияларининг 49 фоизини сотиб олди. Ўша пайтда Британия компаниялари ўз акцияларини сотаётганди, «Казатомпром» уларни қайта сотиб олиш ҳуқуқига эга эди, лекин ихтиёрий равишда акцияларни сотиб олиш бўйича эксклюзив ҳуқуқидан воз кечди. Одамлар ҳайрон бўлди: нега Қозоғистон конларини россияликларга беришди? Баъзилар билвосита тарзда русларга сотиш ҳукумат томонидан лоббилаштирилганини тасдиқлай бошлади.

  • Нурлан Жумагулов
    Қозоғистон нефть-сервис компаниялари иттифоқи директори
    “Комбинат акциядорлари: GANBERG UK LTD – 60 фоиз, GEXIOR UK LTD – 40 фоиз. Разведка ишлари бўйича шартнома 2015 йилда тузилган, завод 49 фоизлик улушга эгалик қилади, геологик-қидирув ишлари доирасидаги барча молиявий рискларни 6-сонли ва 7-сонли ҳудудларда «Буденовское» МЧЖ ҚК ўз зиммасига олган. 2021 йилда компания қазиб олиш бўйича шартнома имзолайди. 2022 йилда хорижий ҳамкорлар (GANBERG ва GEXIOR) ўз улушларини сотишга қарор қилади. Асосий савол фақат GANBERG ва GEXIOR ортида ким тургани ҳақида. Ва қандай қилиб улар энг қимматли активни тийинларга сотиб олишга муваффақ бўлди? ОАВ GANBERG улуши ортида Александр Клебанов турганини қайд этади. GEXIOR`нинг бенефициаричи? Акциядорлар йиғилишларида ушбу икки компаниянинг манфаатларини бир хил одамлар (Maria Mylonova и Aristos Iacovou) ҳимоя қилган. Бир нарса аниқ – Росатом билан битим (1,3 миллиард доллар) Янги Қозоғистон [ҳукумати] даврида имзоланган. Дастлабки келишувни бекор қилиш ва КАП учун қўшимча 1,3 миллиард доллар ишлаб олишнинг ҳам имкони бор эди. Бизда ҳақиқий бенефициарлар кимлиги ҳақида тахминларимиз мавжуд, бироқ қўлимизда фактлар йўқлиги сабабли бундан тийиламиз”.

Жакишев ҳибсга олинишининг эҳтимолий сабабларига қайтсак. 2009 йилда Қозоғистоннинг уран майдонида яна бир ўйинчи – Uranium One компанияси ҳам бор эди, унда эса ўша пайтда юқорида тилга олинган Фрэнк Жустра фаолият юритарди. Uranium One қўшма корхона бўлиб, унда ўша вақтда Қозоғистондаги айрим конларни ўзлаштириш ҳуқуқи бор эди.

2009 йилда шундай вазият юзага келдики, Қозоғистон ҳукумати Uranium One улушини Россия тузилмалари сотиб олишини истади, унинг вакили Владимир Школникнинг қариндоши [Қозоғистон давлат арбоби] эди, Жакишев эса Япониянинг Toshiba компанияси билан шартнома тузишни таклиф қилди.

Аммо Қозоғистон ҳукумати Япония билан келишувни тасқидламади. 2009 йил 21 майда Мухтор Жакишев ҳибсга олинди, 2009 йил 22 майда эса Владимир Школник Қозоғистон Республикаси Бош вазири томонидан «Казатомпром» МАК АЖ раҳбари лавозимига тавсия этилди.
2009 йил июнь ойида (Жакишев ҳибсга олинишидан ҳеч қанча ўтмай) Росатомнинг шўъба корхонаси бўлган Атомредметзолото (АРМЗ) «Казатомпром» билан биргаликдаги Каратау уран қазиб олиш лойиҳасидаги 50 фоиз улуш эвазига Uranium One акцияларининг 16,6 фоизини сотиб олди. 2010 йилда Uranium One Қозоғистондаги Акбастау ва Заречное уран қазиб олиш лойиҳаларидаги 50 фоиз ва 49 фоиз улушга эга чиқди. Бунинг эвазига Россиянинг АРМЗ компанияси Ураниум Онедаги улушини 51 фоизгача оширди.

2009 ва 2010 йиллардаги келишувлар россияликлар ва Россияга алоқадор тадбиркорлар назорати остидаги Uranium One компаниясини дунёдаги энг кучли уран қазиб олувчи компаниялардан бирига айлантирди. Уран қазиб олиш бўйича дунёдаги биринчи давлат ҳисобланган Қозоғистон эса де-факто Россия уран сиёсатининг бир қисмига айланди. Ночор ва ачинарли аҳволдаги.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    “Улар мени [Россия президенти Владимир] Путин билан учрашишимиз керак бўлган куни ҳибсга олишди. Улар Япониядан учиб келишди, у ерда ҳеч нарсага эриша олишмаганди. Мен вазир ўринбосари Йошио Мочизуке-сан билан гаплашдим – у мендан кўп бора кечирим сўради, бу унинг айби эканини, чунки Путинга жуда қаттиқ гапириб юборганини, оқибатда “унинг жаҳли чиқиб, шу туфайли мени қамашган бўлишлари мумкинлигини” таъкидлади. Мен эса бу унинг айби эмаслигини, Путиндан ташқари менда бошқа муаммолар ҳам бўлганини айтдим”.

Қамоққа олишга нима сабаб бўлганини ҳеч ким аниқ айта олмайди – Жакишевнинг ўзига (унинг сўзларига кўра) бу “Назарбоеванинг буйруғи” эканлигини айтишган. У расман “автоматлаштирилган ёнғинни бошқариш тизимларини етказиб бериш” ва ҳеч қандай далил исботсиз пора масаласида судланган.

  • Мухтор Жакишев
    “Казатомпром” собиқ раҳбари, интервьюлардан биридаги хотиралар
    “Яқинда мен гуруҳда 2012 йил 21 февралда ўзим ёзган очиқ хатни топиб олдим. Унда мен асосий айбловларни санаб ўтганман: бу айбловга кўра, мен номаълум шахсдан номаълум жойда, номаълум вақтда ва номаълум миқдорда пора олганликда айбдорман. Судьянинг бир иқтибосини ўқиб бераман: “Буларнинг барчаси Жакишев жиноий фаолиятидан ҳеч қандай из қолдирмайдиган, мураккаб, маккор жиноятчи эканини кўрсатади ва шунинг учун ҳам у энг оғир жазога лойиқ”. Бу судянинг нутқидан тўғридан-тўғри иқтибос».

Маълум даражада аниқлик билан айтишимиз мумкин бўлган ягона хулоса шуки, Жакишевнинг ҳибсга олиниши деярли бутунлай Росатом шўъба тузилмаларининг Қозоғистон конларини эгаллаши билан бир вақтга тўғри келган. Бу кенгайиш баробарида «Росатом» назорати остида бўлган компаниялар уран сотиш бўйича жаҳон бозорида етакчи ўринларни эгаллаган.

Материал Хадиша Акаева, Болот Сатаркулов, Иля Бароховский, Адил Турдикулов, Галим Агелеуовдан иборат жамоа томонидан тайёрлаган.









 1,444 всего,  3 

от Askar

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *